Араб ҳарфлари баъзи ўринларда иккинчи ҳарфга алишиши ё алишмаслиги ёки бутунлай тушиб қолиши ва қолмаслиги жиҳатидан иккига бўлинади:
1. Саҳиҳ, яъни соғлом ҳарфлар.
2. Мўътал, яъни иллатли касал ҳарфлар.
Мўътал ҳарфлар, деб баъзи ўринларда иккинчи ҳарфга алишадиган ёки бутунлай тушиб қоладиган ҳарфларга айтилади. Бундай ҳарфлар учтадир:
و – ا – ي
Саҳиҳ ҳарфлар, деб ҳеч бир вақт тушиб қолмайдиган ва иккинчи ҳарфга алишмайдиган ҳарфларга айтилади. Юқоридаги учта иллат ҳарфларидан бошқалари саҳиҳ ҳарфлардир. Масалан, قَطْعٌ – бу калимани нечта қолипга солиб қарасак-да, ҳарфлари тушмайди ҳам, иккинчи ҳарфга алишмайди ҳам. قَطَعَ، يَقْطَعُ، قَاطِعٌ، مَقْطُوعٌ، اِقْطَعْ каби.
Бунда قَطْعٌ калимасини беш турли қолипга солиб кўрамиз قَطْعٌ нинг ҳарфлари аввалги ҳолича қолади.
Энди قَولٌ калимасини олиб кўрайлик. Бу турли қолипга солинса, « و » ҳарфи иккинчи ҳарфга алишади ёки йўқ бўлиши мумкин.
قَالَ (قَوَلَ)، قَائِلٌ (قَاوِلٌ)، قُلْتُ (قَوَلْتُ)، قُلْ (اُقْولْ).
Бунда « قـول » нинг « و »и аввалги суратида « ا » га, иккинчи суратида « ء » га алиштирилган. Сўнгги икки кўринишида бутунлай тушиб қолган.
5-машқ. Қуйидаги калималардаги мўътал ҳарфларнинг остига бир чизиқ чизинг.
نُورٌ. ظُلْمَةٌ. عِلْمٌ. جَهْلٌ. جَارٌ. جَرِيدَةٌ. مَجَلَّةٌ. زَهْرَةٌ. أسْبُوعٌ. مِشْمِشٌ. قَولٌ. مَيْلٌ. جُوعٌ. أرْضٌ. وَلِيدٌ. وَسِخٌ. قَرْيَةٌ. غُلاَمٌ. دَلْوٌ. ثَوبٌ. قَبْرٌ .
6-машқ. Ўнта ҳарф иллатли, ўнта ҳарф иллатсиз, ҳаммаси бўлиб йигирмата калима келтиринг.