Феълнинг фоили кўп вақт зикр этилса-да, баъзи вақт зикр этилмай қолади. Бунинг зикр этилмаслиги қайсидир вақт маълум бўлмаганлигидан ва яна қайсидир вақт бошқа сабаб бўлиши мумкин. Масалан, сенинг қаламинг ўғирланиб, ким ўғирлаганини билмасанг-да, «қалам ўғирланди», десанг, фалон киши қаламимни ўғирлади, деб бир кишини кўрсата олмасанг ёки ўғрилигини айтадиган бўлсанг, сенга зарар етадиган бўлса, «Қалам ўғирланди»дан бошқа сўзни айта олмайсан. Демак, фоил зикр этилиши ёки этилмаслиги жиҳатидан феъл икки турлидир:
1. Маълум (аниқ).
2. Мажҳул (ноаниқ).
Маълум – фоили зикр этилган феълдир. كَـسَرَ مَحْمُـودٌ القَلَـمَ каби. Мана бунда қаламни синдирган киши зикр этилган. Шунинг учун كَسَرَ маълум феълдир.
Мажҳул – фоили зикр этилмаган феълдир. كُـسِرَ القَلَـمُ каби. Бунда қаламни синдирган киши зикр этилмаган. Шунинг учун كُـسِرَ феъли мажҳул феълдир. Мажҳул феъли маълум феълдан ясалади. Мозийдан мажҳул ясаш охирги ҳарфдан олдингисини касрали, ундан олдинги ҳамма ҳаракатли ҳарфларни заммали қилиш билан бўлади.
Масалан, كَتَبَ، فَهِمَ، عَلَّمَ، أكْرَمَ، اِكْتَسَبَ، اِسْتَخْرَجَ феълларининг мажҳуллари كُتِبَ، فُهِـمَ، عُلِّمَ، اُكْرِمَ، اُكْتُسِبَ، اُسْتُخْرِجَ дир.
Агар мозийнинг охирги ҳарфи олдидаги ҳарф алиф бўлса, ўша алиф «йо»га алиштирилади ҳамда унинг олдидаги ҳарфи касрали қилинади.
Масалан, قَالَ، اخْتَارَ ларнинг мажҳуллари قِيلَ، اُخْتِيْرَ дир.
Агар мозийнинг охирги ҳарфи алиф бўлса у «йо»га алиштирилади.
Масалан, رَمَى، دَعَا ларнинг мажҳуллари رُمِيَ، دُعِيَ дир.
Демак, бошқа алифлар вовга алмаштирилиши тушунилади.
Масалан, جَالَسَ، تَنَاسَى ларнинг мажҳуллари جُولِسَ، تُنُوسِيَ дир.
Музореъдан мажҳул ясаш учун охирги ҳарфидан олдинги ҳарфни фатҳали, музораъат ҳарфини заммали, бошқа ҳарфларни эса ўз ҳолича қолдириш билан бўлади.
Масалан, يَكْتُبُ، يَفْهَمُ، يُعَلِّمُ، يُكْرِمُ، يَكْتَسِبُ، يَسْتَخْرِجُ ларнинг мажҳуллари يُكْتَبُ، يُفْهَمُ، يُعَلَّـمُ، يُكْرَمُ، يُكْتَسَبُ، يُسْتَخْرَجُ дир.
Агар музореънинг охирги ҳарфи ёки охирги ҳарфидан олдинги ҳарф иллат бўлса, у алифга алиштирилади.
Масалан, يَدْعُو، يَرْمِي، يَقُولُ، يَبِيعُ ларнинг мажҳуллари يُدْعَى، يُرْمَى، يُقَالُ، يُبَاعُ дир.
Танбеҳ: лозим феъллардан мажҳул келмайди.
32-машқ. Қуйидаги феъллардан мажҳул ясанг.
عَاتَبَ. عَرفَ. شَكَرَ. أحْسَنَ. رَكِبَ. صَالَحَ. صَدَّقَ. نَشْكُرُ. يَذْبَحُ. يَعْلُو. يَسْتَفِيدُ. يُفِيدُ. وَسَّخَ. أطَاعَ. عَـصَى. بَـارَكَ. اسْتَكْتَبَ، دَحْرَجَ. قَاتَلَ. اِسْتَمَعَ. صَامَ.
33-машқ. Қуйидаги феълларнинг маълумларини топинг.
قِيلَ. دُعِيَ. تُسُوبِقَ. جُولِسَ. رُمِيَ. زُلْزِلَ. وُسِّخَ. أقِيمَ. يُدْعَى. يُسَابَقُ. يُبْرَى. يُطَاعُ. اُعْلِمَ. نُسْأَلُ. نُحْتَرَمُ. يُسْتَنْشَقُ .
34-машқ. Қуйидаги жумлалардаги маълум феълларнинг остига бир чизиқ, мажҳулларнинг остига икки чизиқ чизинг.
اُكْرِمَ الْمُعَلِّمُ. يُكَافَأُ التلميذُ الْمُجْتَهِدُ. سَافَرْنَا إلَى بَغْدَادَ. فُتِحَتْ أمريكا فِي القَرْنِ الْخَامِسِ عَشَرَ. رُوِيَ الْحَـدِيثُ. يُكْـرَمُ الضَّيفُ. يُسْتَغْفَرُ اللهُ مِنَ الذُّنُوبِ. عِندَ الإمْتِحَانِ يُكْرَمُ الْمَرءُ أو يُهَانُ. انْكَسَرَ قَلَمِي. دَخَلَ النَّاظِرُ الفَصْلَ. يُحَبُّ التِّلْمِيذُ الْمُجْتَهِدُ.