Калима – бир маънони билдирган сўз, деган эдик. Калиманинг маъно англатиши турлича бўлади. Кўп калималар танҳо ўзи маъно билдиради. Баъзи калималар эса иккинчи бир калимага қўшган ҳолдагина маъно англатади. Қайсидир калималар замон ҳолатини англатади.
Ўзидан бир маънони англатиб, замонни англатмайдиган калимага «исм», дейилади. قَلَمٌ، مَحْمُودٌ، ثَورٌ каби.
Бу калималардан ҳеч бири замонга далолат қилмасдан бир маънони билдиради. Масалан ثَـورٌ деган сўздан тўрт оёқли, икки кўзли, белгили бир ҳайвонни тушунамиз. Лекин бунда замонга далолат қилгани билинмайди.
Ўзидан бир маъно англатиб, замонга далолат қилган калимага «феъл», дейилади. كَتَبَ، يَكْتُبُ، اُكْتُبْ каби.
Мана бу калималардан барчаси бирор маънони англатиб, замонлардан бирига далолат қилади.
Масалан, كَتَـبَ дан ёзиш маъноси англаниб, ўтган замонга далолат қилгани билинади.
Ўзидан маъно англатмай, иккинчи бир калимага (исм ёки феълга) қўшилиши билангина маъно англатадиган калимага «ҳарф», дейилади. فِي، هَلْ، لَمْ каби.
Мана бу калималардан бирортаси якка ўзи турганида бирор маъно англанмайди. Агар буларни иккинчи бир исм ёки феълга қўшиб فِي الْمَدْرَسَةِ، هَلْ جَاءَ، لَمْ يَفْهَمْ десак, исм ва феъллардан англанган маънога қўшимча равишда «да», «ми», «мади» маънолари англанади.
Танбеҳ: Бу ҳарфларга «ҳуруфу маъоний», дейилади. Булар ҳамма вақт калиманинг олдига қўшилади.
Танбеҳ: Исмдан англанган маъно киши, ҳайвон ва ашёлар каби нарсаларнинг ўзи бўлса, у исмга исми мавсуф, энди бу нарсаларнинг сифати берилса, исми сифат, дейилади. Масалан, رَجُلٌ، ثَورٌ، قَلَمٌ лар исми мавсуф бўлиб, عَالِمٌ، أصْغَرُ، طَوِيلٌ лар исми сифатлардир.
14-машқ. Қуйидаги калималардан исмга 1 рақами, феълга 2 рақами, ҳарфга 3 рақамларини қўйиб ажратинг.
وَرَقٌ. بُخَارَى. هَوَاء. مَكَّةَ. فَتَحَ. يَقْرَؤونَ. مَعَ. أعْطَى. مُحَمَّدٌ. كَوكَبٌ. ذَهَبٌ. لَمْ. جَاهِلٌ. جِلْدٌ. أسْوَدُ. مِـنْ. زَيْنَـبُ. فَاطِمَةُ. نَارٌ. نَظَافَةٌ. أذْهَبُ. إلَى. لاَ. اِسْمَعُوا. مِلْعَقَةٌ. مَرَّ. دِمَشْقُ. بَغْدَادُ. أبْيَضُ. قَصِيرٌ. كَهَامٌ. حَادٌّ. عَلَى. يَا. أنْ.
15-машқ. Қуйидаги исм ва феълларнинг олдига فِي، ل، لا، بِ، مِنْ، يَا، لَمْ ҳарфларидан муносиб бўлганларини қўйинг:
يَكْتُبْ. تَلْعَبْ. القَلَمِ. البَيْتِ. الْمَدْرَسَةِ. يَفْهَمُ. مُحَمَّدُ.