Бир исмдан англанган нарса баъзи вақт хитоб қилинаётган кишига таниқли бўлиб, баъзи вақт таниқли бўлмайди. Мана шу жиҳатдан исм икки турлидир:
1. Накра. 2. Маърифа.
Накра, деб ноаниқ исмга айтилади. قَلَمٌ каби.
Мана قَلَمٌ дейилган сўздан хитоб қилинаётган киши бир қаламни англайди. У қалам Муҳаммадники бўлиши мумкин. Ёки сеники, меники ва бошқа кишиники бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун قَلَم накра исм бўлади.
Маърифа, деб ўзида таниқли нарсани англатган исмга айтилади. قَلَـمُ مَحْمُـودٍ каби.
Бундаги қалам энди бир кишига тегишлидир. Шунинг учун قَلَــمُ مَحْمُــودٍ дегандаги قَلَم маърифа исм бўлади.
Маърифа исмлар олти турлидир:
1) Алам. 2) Замир. 3) Исми ишора. 4) Исми мавсула. 5) Муаърраф биал. 6) Муъарраф бил изофа.