19-дарс: Феъл ва фоъил

Сарф · Сарф (морфология) · 21–22-бетлар

Иловада ўқиш ва машқ қилиш → Открыть в приложении

Феъл –иш ва ҳаракатни англатиб замонга далолат қилган нарсадир.

Феъл икки қисмга бўлинади, деб юқорида ўтдик. Улар:

1. Мутаъаддий (ўтимли)

2. Лозим (ўтимсиз).

Айрим феъллар кимни? нимани? сўроқларига жавоб бўладиган калимага муҳтож бўлади. Буларга «мутаъаддий феъллар», дейилади.

Масалан: ضَرَبَ زَيْدٌ بَكْـرًا –Зайд Бакрни урди, дейилса, Зайд кимни урди? деган савол туғилади. Демак ضَرَبَ –мутаъаддий феъл экан.

Яна баъзи бир феъллар борки, улар кимни? нимани? сўроқларига жавоб бўладиган калимадан ҳожатсиз бўлади. Буларга «лозим феъллар», дейилади.

Масалан: جَلَـسَ زَيْـدٌ –Зайд ўтирди дейилса, Зайд кимни ўтирди? ёки Зайд нимани ўтирди? деган саволларга эҳтиёж туғилмайди. Демак جَلَسَ –лозим феъли экан.

Ҳар бир феълнинг фоъили, яъни бажарувчиси бўлади. Фоъилсиз феъл бўлмайди. Агар феълнинг фоъили ёлғиз бир киши бўлса, арабчада «воҳид» ёки «муфрад», дейилади. Агар икки киши бўлса, «тасния», дейилади. Агар икки кишидан кўп бўлса, «жамъ», дейилади. Бу фоиълларнинг ҳар бири ё мутакаллим бўлади, ё мухотаб ёки ғоиб бўлади.

Мутакаллим – сўз сўзловчидир. (1– шахс):

Мухотаб – сўз унга нисбатан сўзланувчидир. (2– шахс):

Ғоиб –сўз ундан яъни, гапирилаётган маконда йўқ киши хусусида сўзланувчидир. (3 – шахс).

Буларнинг ҳар бири музаккар (эркак) ёки муаннас (аёл) жинси учун ишлатилади.