1-дарс: Муқаддима

Наҳв · Нахв (синтаксис) · 2–6-бетлар

Иловада ўқиш ва машқ қилиш → Открыть в приложении

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

Ушбу “Кофия” номи билан машҳур бўлган китоб илоҳий наҳв китобидир. Чунки бу китоб бошқа тилларнинг грамматикаси каби бирор олимни ўз фикри билан тузилган китоб эмас. Балки бу илоҳий наҳв дедик. Зеро Қуръони карим илоҳий каломдир. Мана шу қўлингиздаги наҳв китоби бошдан оёқ Қуръоний калом ва калималар асосида тузилган бўлиб, айни ўша Қуръони каримни тушунишдаги қўлланма китобидир. Ундаги ҳарфлармиди, калималармиди ёки каломмиди, ҳаммаси илоҳий китоб Қурони карим қоидаларига асосланиб тузилган қоидалар ва таърифлардир. Жумладан каломни таърифими, калимани таърифими ва эъробларни таърифими, омилларни таърифими барчаси Қуръонга асосланиб тузилган. Хусусан исм ва феълларни вазнлари, айниқса саноқ-сон ва тартиб сонларни қоидалари фақат қуръоний қоидалардир. Қадимги муфассирлар ушбу илоҳий наҳвни ва балоғат илмини ёдламай ва ўзлаштирмай тафсирга қўл урмаганлар. Алихонтўра Соғуний (р.а.): “Тафсирга қўл уриш учун ўнта фандаги китобни ёдлаб, унга моҳир бўлингандагина тафсирга рухсат берилади”, деб айтардилар. Шулардан, сарф, наҳв, балоғат ва усули Қуръон, асбоби нузул ва тарих.... ва бошқалардир. Қуръонни номларидан бири “Уммул китоб”дир. Барча диний ва дунёвий китобларни бош онаси Қуръондир. Муфассирларнинг энг муътабарлари Ибн Касир Қуръон оятларини оят ва ҳадис билан тафсир қилганлар. Қолган муфассирлар эса ўз раъйлари билан тафсир қилганлар. Ҳар бир муфассир ўзларини иқтидорларига мувофиқ, масалан баъзилар илоҳиёт томонига, баъзилар фиқҳий томонига ва баъзилар балоғат ва наҳв томонига, баъзилар тарих томонига эътибор берганлар. Ватандошимиз, Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Ан-Насафий наҳв томонига катта эътибор берганлар. Ана шу муборак тафсирни тушуниш учун албатта илоҳий наҳв асосида ёзилган қўлимиздаги ушбу “КОФИЯ” китоби жуда ҳам муҳим ҳисобланади. Чунки уни ўзлаштирмай ушбу тафсирни тушуниш амри маҳолдир. Ҳозирда баъзи биродарларимиз оддийгина наҳв китоби тузиб ўқувчиларни хурсанд қилиб: “Биз сарф ва наҳф китобини тузиб, ўқувчиларни ишини енгилаштирдик. Бизни ишимиз енгиллашибди, энди кофия, шофия ва алфияга ўхшаган китобларни мутолаа қилмасак ҳам бўлар экан”, дейишади. Албатта бундай фикр келиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Лекин осонлаштириш билан иш ҳал бўлмайди. Ўз ўзидан ўша ватандошларимиз ёзиб қолдиришган мураккаб тафсирларни ўқувчилар топилмай қолади. Шу билан бирга келажакни ўйлаб, тўғри фикр юритгувчилар ҳам топилмоқда. Жумладан ҳаммага маълумки ҳар бир тил ўзининг грамматик атамалари (истилоҳлари) билан ўргатилади. Араб тили ҳам шу каби ўргатилиши керак. Ҳа ҳақиқатда айниқса тафсир ва ҳадис илми фақатгина аввалги истилоҳлар билан ўргатилиши керак. Уни ҳозирги ўзбекча қоидаларга айлантириб, арабий тафсирларни ўқиб тушиниш ёки тафсирига қўл уриш кулгили бир ҳол бўлади. “Муъзий” китобини муаллифи ҳамд ва санодан сўнг дейдилар: Ушбу сарф китоби денгиз каби кенг ва чуқур китобларга олиб борувчи қайиқчага ўхшайди. Худди шунингдек наҳв китобига асос солган зотлардан энг аввалгиси Али ибн Абу Толибдирлар (к.в.). Бу муборок зот Абул-Асвад ад-Дуалийга ушбу китобни режасини тузиб дедилар. “Инна калиматал араб ъала салосати анҳоин” Дар ҳақиқат араб калималарини уч тамони (тарафи) бор” Эй Абул-Асвад! сиз ушбу мақсадни қасд қилиб исм ва феъл ва ҳарфларни аслини (ўзагини) ва эъробларини ва бобларини, инна ва аховатларини ва изофаларни ўргатинг. Шундан сўнг Абул-Асвад Дуалий кўпгина ихтиролар қилиб, бир наҳв китоби тасниф қилдилар. Бу эса тахминан 95-ҳижрий йилда тасниф қилинган бўлса Замаҳшарий 28-ўринда бўлиб, Ибн Ҳожиб эса 29-ўринда бўлиб мукаммал наҳв китобини яратдилар. Али (к.в.)дан бошлаб Ибн Ҳожибгача бўлган мусаннифларнинг ҳаммалари рижалуллоҳ (Аллоҳнинг хос кишилари) эдилар. Хусусан шарҳи муллони соҳиби Абдураҳмон Жомий тасаввуф машойихларининг пешқадамларидан эдилар. Бу зотнинг шарҳларига ҳам 20 дан ортиқ машойихлар ҳошия ёзганлар. Бизнинг арзимас ушбу ишимиз ана шу арабий лисон ва форсий забон муборак зотларни қилган таржималари ва шарҳларини умумийлаштириб, тирнаб, таталаб ўзбек тилига ўгирган бўлдик. Албатта ҳар бир қилинган ишни аввали камчиликсиз нуқсонсиз бўлмайди. Чунки Али (к.в.)дан Ибн Ҳожибгача салкам беш юз йил ичида 28 мусаннифни қўллари тегиб, шундагина мукаммал кофияга айланди. Ушбу ўзбекча таржима ва шарҳига ҳам худо хоҳласа анча-мунча йиллар ичида камчилик ва нуқсонларини тўлдириб берувчи шогирдлар ҳам чиқади. Азиз ўқувчиларни ҳар қандай маслаҳатларини бош устига қабул қиламиз.

Рустамжон Раҳматуллоҳ

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Улуғ тангримизга сонсиз ҳамд ва санолар бўлсун, ким етук бандалари кўнглини бурди ва моил қилди. Афъоли қулуб билан бажаратургон қилмишларига улардан рози бўлгани учун ва Одам отамизни вужуди шарифларига иллати ғоий ва сабаби асосий бўлғон жаноби пайғамбаримизга Аллоҳни туганмас раҳмати нозил бўлсин. Ва ҳам ул зоти шарифни саҳобаи киромларига то қиёматга қадар чидам камарини белларига маҳкам боғлаб, изқуварлик йўлида ўтган барча уммати Муҳаммадга раҳмат ва мағфират нозил бўлсин. Бу бандаи ожиз маст туяга ўхшаш, туя жанвар араб шеърларини эшитганда беҳуш бўлиб, устида юк 500-600 кило бўлса ҳам оғир енгиллигини билмасдан кетаверар экан. Бу банда ҳам Мен қайдаю бу асарни изоҳи қаерда демасдан Аллоҳнинг тавфиқига ишониб, қўл урибдур. Аллоҳ таоло ёрдам берсун.

Дўстмуҳаммад домла Бодарий

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Ўзининг мўмин-мусулмон бандаларига араб тилида китобини нозил қилган Аллоҳ таолога У зотнинг камолига яраша ҳамду санолар бўлсин!

Араб тилини шаклланишида энг биринчи сабабчи бўлган Сарвари коинот Пайғамбаримизга саловоту саломлар бўлсин!

Қуръон ва Суннатдан араб қоидаларини ишлаб чиқиб, таҳлил этган ва тартиблаб баён қилиб берган уламоларимизга Аллоҳ таолонинг раҳматлари бўлсин! Аммо баъд:

Қўлимиздаги ушбу китоб аллома Ибн Ҳожиб номи билан машҳур бўлган Абу Амр Усмон ибн Умар ал-Курдий томонларидан таълиф этилган. Бу зотнинг асллари курд миллатига мансуб бўлган. Мисрда ўсиб, улғайганлар. Оталари подшоҳ саройида эшик оғаси бўлганлар. Бундай унвонни араб тилида “Ҳожиб”, дейилади. Шунинг учун бу зот тахаллусларини “Ибн Ҳожиб” яъни, “эшик оғасининг ўғли”, деб номлаганлар. Аллома 646-ҳижрий санада вафот этганлар.

Ибн Ҳожиб кўпгина арабий ва Исломий илмларда етук мақомларга эришдилар. Хусусан, наҳв илмида жонбозлик кўрсатиб, мўъжазгина бир китоб таълиф этиб, уни “Кофия”, деб номладилар. У мўъжаз ва қисқа бўлишига қарамасдан ўзида наҳвга тегишли энг муҳим масалаларни қамраб олган китоб эди. Уламолар Ибн Ҳожиб хазратларидан кейин бу китобни шарҳлашга мусобақани бошлаб юборишди. Бизнинг юртимизда “Кофия” га ёзилган энг машҳур шарҳ “Шарҳи Жомий” ёки “Шарҳи Мулла Жомий” номи билан ёзилган шарҳдир. Мовароуннаҳрдаги мадрасаларда қадимдан ушбу “Кофия” китоби ёдлатиб, “Шарҳи мулла” ўқитиб келинган. Устозлар ушбу китобнинг таърифида “Кофия кофаст дегарей лофаст” яъни, араб қоидасини ўрганиш учун ушбу “Кофия” китоби кифоя қилади, қолгани эса лофдир, дейишади.

Араб тили тил сифатида VI асрдан кейин шакллана бошлади. Бу даврда араб тилидаги сарф (сўз тузилиши) ва наҳв (гап тузилиши)нинг махсус қонун-қоидалар забардаст уламолар томонидан ишлаб чиқилди. Юртимиздан етишиб чиққан олим Маҳмуд аз-Замахшарий араб тили грамматикаси бўйича йирик асар яратдилар ва у асарни “ал-Инмузаж” деб номладилар.

Араб олимлари: “Агар ўша Хоразмлик чўлоқ Маҳмуд аз- Замахшарий бўлмаганда эди биз араб тилини билмай ўтиб кетардик” дея юртдошимизни эътироф этадилар. Чунки аз- Замахшарий ўзларининг асарларида араб тили грамматикасини батафсил ёритиб берганлар. У зот бобаракотнинг асарлари ҳозирги кунга қадар араб тили грамматикаси бўйича энг йирик асарлардан бири ҳисобланади.

Биродаримиз Рустамжон ҳам мана шундай омонатли ишга қўл уриб, уламолар силсила занжирига кириб, пайғамбарлар меросхўри бўлиш умидида ишни бошлаб, охирига етказиб, мазкур “Кофия”га арабий ва форсий китоблар ёрдамида шарҳ ёзибдилар. Аллоҳ бундан кейинги ишларида ҳам Ўзи мададкор бўлсин. Омин!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф