7-дарс: Наҳв

نَحْوٌ

Наҳв · Нахв (синтаксис) · 15–17-бетлар

Иловада ўқиш ва машқ қилиш → Открыть в приложении

20. Жумлаларнинг турланиши сабабли калиманинг охири ўзгариши ва ўзгармаслигини билдирадиган илмга «наҳв илми» дейилур.

Демак наҳв илми, калималарнинг жумлага кириб, охирларини ўзгариш ёки ўзгармаслигини текширади.

Масалан араб тилидаги сўзларнинг охири тўрт хил кўринишда бўлади. Улар;

1. Рафъ - مُعَلِّمٌ (ўқитувчи, дамма ), مَرْفُوعٌ – исмда ва феълда бўлади.

2. Насб - مُعَلِّمًا (ўқитувчини, фатҳа), مَنْصُوبٌ – исмда ва феълда бўлади.

3. Жар - مُعَلِّمٍ (ўқитувчининг, касра), مَجْرُورٌ - фақат исмда бўлади.

4. Жазм – لَمْ يُعَلِّمْ (сукун), مَجْزُوم - фақат феълда бўлади.

Охиридаги бу ҳаракатлар қай даражада муҳим эканини қуйидаги мисолдан билиб оламиз:

كَسَرَ مَحْمُودٌ القَلَمَ Маҳмуд қаламни синдирди, десак, бу ерда مَحْمُودٌнинг охирига дамма яъни, (у) қўйдик. Чунки араб тили қоидасига биноан ишни бажарувчи фоилга дамма қўйилади.

القَلَمَ сўзи охирига фатҳа яъни, (а) қўйдик. Чунки араб тили қоидасига биноан бажарилмиш, яъни мафъулум биҳга фатҳа қўйилади.

Биз ана шу арабий матндаги مَحْمُودٌ сўзи охирига дамма қўйиш ўрнига янглишиб, фатҳа қўйиб مَحْمُودًا десак, ва القَلَمَ сўзи охирига фатҳа қўйиш ўрнига янглишиб, дамма қўйиб القَلَمُ десак маъно бутунлай ўзгариб “Қалам Маҳмудни синдирди” бўлиб қолади. Ҳеч қачон қалам Маҳмудни синдирмайди, балки Маҳмуд қаламни синдиради.

Бундан ташқари, наҳв илми калималарнинг эъроб, бино жиҳатидан ҳолатларни текширадиган илмдир.

21. Сарф илми эса, калималарнинг ёлғиз ҳолини текширади.

Масалан, «خَرَجَ - чиқди», «يَخْرُجُ - чиқади», «خَارِجٌ - чиқувчи», «خَارِجِيٌّ - хорижий, ташқи», «مَخْرَجٌ - чиқиш жойи», «مُتَخَرِّجٌ - битириб чиққан» сўзларининг ўзаги- خ ر جдир.

«كَشَفْتُ – очдим», «مَكْشُوفٌ – очилган», «كَشَّافٌ – кашфиётчи, очувчи», «اِكْتِشَافٌ – кашф қилиш, очиш» сўзларининг ўзаги-ك ش فдир.

Араб тилида пул майдалаш билан шуғулланадиган кишини صَرَّاف (сарроф) дейилади. Демак сўзларни ҳам майдалаб, ҳар-турлик қилиб берадиган фанни ана шу ўзакдан олинган صَرْفٌ номи билан аталади. Чунки сарф фанида битта масдарни олиб, уни 192 га бўлинади.

1. Феъли мозий маълум: 14-хил.

2. Феъли мозий мажҳул: 14-хил.

3. Феъли музореъ маълум: 14-хил.

4. Феъли музореъ мажҳул: 14-хил.

5. Исми фоъил: 6-хил.

6. Исми мафъул: 6-хил.

7. Феъли жаҳд маълум: 14-хил.

8. Феъли жаҳд мажҳул: 14-хил.

9. Феъли нафий маълум: 14-хил.

10. Феъли нафий мажҳул: 14-хил.

11. Амр ҳозир: 6-хил.

12. Амр ғоиб: 8-хил.

13. Амр ғоиб мажҳул: 14-хил.

14. Феъли наҳий маълум: 14-хил.

15. Феъли наҳий мажҳул: 14-хил.

16. Исми замон ва макон: 3-хил.

17. Исми олат: 3-хил.

18. Исми тафзил: 6-хил.

22. Наҳв фанида кўпроқ эътибор мўъраб калималарга қаратилади. Чунки мабний феъллар оз сонлидир. Мабний исмлар эса, бир қоидага кирмайди, балки луғат китобларга мурожаат қилиб ҳамда кўп эшитиб ва кўп ўқиш орқали билинади. Бундан кейин феълнинг рафъ, насб, жазм ўринлари ва исмнинг рафъ, насб, жар ўринларини текшириш билан шуғулланамиз.