Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгандан сўнг таълимнинг барча соҳаларида кенг имкониятлар яратилди. Таълим тизимини ривожлантириш, илм ва фан соҳасидаги илғор технологияларни тадбиқ этиш, маънавий баркамол, жаҳон андозасига жавоб бера оладиган мутахассисларни тайёрлаш учун ҳозирги кунда чет тилларини мукаммал биладиган кадрларга эҳтиёж кўпайиб бормоқда.
Кадрлар тайёрлаш миллий дастури мақсадлари ҳам олий ўқув юрт муассасалари олдида турган вазифаларни амалга ошириш борасида дарс жараёнида илғор педагогик услублардан фойдаланган ҳолда талабаларни ўрганаётган хорижий тилларга қизиқтириб, уларнинг мустақил ишлаш фаолиятлари самарасини оширишга йўналтирилган. Бу эса, ўз навбатида юқорида келтирилган талабларга жавоб берадиган ва талабаларнинг мустақил равишда таълим олиш имкониятини берадиган дарсликлар ва ўқув қўлланмалари яратиш масаласи билан боғлиқдир.
Мазкур ўқув қўлланмаси 3 ва 4 курсларда араб тилидаги ислом тарихига оид матнларни таржима қилиш бўйича амалий машғулотларни таъминлашга мўлжалланган. Ушбу матнлар устида ишлаш талабаларга араб тилидан таржима қилиш кўникмаларини эгаллаш, тарихий атамаларни ўзлаштириш ҳамда грамматик материални мустаҳкамлаш имконини беради.
Қўлланмадаги матнлар мавзулари тарихга оид бўлиб, улар ўрта аср тарихчиларининг асарларидан олинган. Ушбу қўлланмадан араб тили дарслари аудитория машғулотлари билан бирга мустақил ишларда араб тилидан таржима қилишда фойдаланиш мумкин.
Ўқув қўлланмадаги арабча матнларда учраган янги сўз ва ибораларнинг ёнида уларнинг ўзбекча таржималари берилган.
Қўлланмани тузишда тарихий давриликни инобатга олдик. Унда дастлаб Умавийлар, сўнг Аббосийлар ва Фотимийлар бошқаруви даврлари берилди.